НУРСАФАРДИЯ (Ислом энциклопедиясидан)

Бошқа манбалардан хабарлар Жойлаштириш вақти: 06.02.2018

   

Текст версияси:

НУРСАФАРДИЯ - сохта тариқат. Асосчиси – Сапарбой Кушкаров (1952, Жиззах вилояти Бахмал тумани Узунбулоқ қишлоғи). У Ўзбекистон Жаҳон тиллари ин-тини тамомлаган. Ҳиндистон, Тибет ва б. давлатларда сафарда бўлган. 20-а.нинг охирги ўн йиллигида ҳеч қандай диний билимга эга бўлмаган ҳолда ва бирор-бир тайинли тариқат вакилидан иршод - йўлланма олмасдан ўзини пир, шайх деб атай бошлаган ҳамда янги тариқат тузганини эълон қилган.

С. Кушкаров: «Суфийлик тизимининг пайдо бўлиш даври Одам (а. с.)нинг учинчи ўғли Шиш (Шис) (а. с.)га бориб тақалади. Айнан шу даврда Аллоҳ Шишга 60 оятлик китоб жўнатди. Шундан бир қисмида илоҳга эришиш йўллари кўрсатилган бўлиб, иккинчи қисми инсон саломатлигига бағишланган. Суфийлик инсонни тўрт даражада мукаммаллика эриштириб, илоҳ б-н тўғридан-тўғри муносабатда бўлиш ва ундан илоҳий амалларни олган ҳолда инсонларга хизмат қилишдир. Суфийлик айрим даврларда у ёки бу динда бўлишга мажбур бўлган. Яъни ўзини сақлаб қолиш учун. Аслида, у ҳеч қандай дин ва фалсафа б-н боғланмаган ҳолда ўзи мукаммал тизим сифатида пайдо бўлган. Айнан сўфийлик ҳар қандай диннинг ривожланишига ва унинг ёйилишига ўз таъсирини ўтказиб келган. Лекин улардан айри ҳолда ривожланган», дея мўътабар асарларда тасаввуф борасида баён қилинган қарашларнинг ҳеч бирига уйғун келмайдиган мулоҳазаларни илгари суриб, уни турли йўллар б-н халқимиз онгига сингдиришга уринади.

Шартли равишда С. Кушкаровга тегишли деб ҳисобланадиган рисола ва китоблар Н. тариқатининг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилади. Китобларнинг ёзилиш услуби ҳам, мавзулар доираси ҳам яхлит эмас. Уларда тариқатнинг ҳоз. ҳолати ҳақида келтирилган маълумотлар воқеликни холис акс эттирмаган. С. Кушкаровнинг Ўзбекистонда 25000 дан ортиқ муридлари борлиги, уни кўпгина хорижий давлатларда ҳам яхши танишлари ҳақидаги гаплар ҳаддан ортиқ бўрттирилган. «Сўфий табобати» марказларига шифо истаб борганлар С. Кушкаровнинг «муршидлиги» тўғрисида жуда мавҳум тасаввурга эга бўлган. Кўпчилик уни халқона усулда даволовчи табиб деб билган.

С. Кушкаров китобларидаги фикрларини бевосита Худодан илҳом орқали олганини айтган. Аммо «асар»лари тил ва услуб жиҳатдан турлича бўлиб, мазмунан саёз жумлалар йиғиндисидан иборат. Айримларида Қуръони карим оятлари нотўғри, шарқ якка кураши усулларига мослаб, маъноси бузиб талқин қилинган. Шунингдек, диний мавзуда дейилган мазкур китобчалар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтказилмасдан, тегишли рухсатномасиз нашр этилган.

Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Н.га тегишли марказлар фаолият юритган ва уларда сохта суфий номи б-н боғлиқ турли фаолиятлар олиб борилган.