Ҳурматли “Nursafardiyya-sufism.com” сайт шинавандалари!

Эълонлар Жойлаштириш вақти: 06.02.2018

Ҳурматли “Nursafardiyya-sufism.com” сайт шинавандалари!

Нурсафардийя таълимотининг асосий мақсади Аллоҳ томонидан хослар учун махсус жўнатилган мукаммаллик бўлмиш сўфийликни тарғиб қилиш, инсониятга ушбу даражанинг моҳиятини, илмини ва амалиётини кўрсатиб бериш эди.

Албатта, ҳар бир одам ушбу таълимот билан танишар экан, ўз даражасида ички дунёсига назар ташлаган ҳолда ўзига лозим илмларни олади ва ўз ҳаётий амалиётида истар-истамас қўллай бошлайди.

Сўфийлик Нурсафардийя таълимотида бир мукаммаллик даражаси эди. У ҳам эндиликда ўз ғояларини, илмини ва амаллар тизимини ривожлантириш ва илоҳиёт жабҳаларида жавлон уришни мақсад қилиб қўя бошлади. Нурсафардийя таълимоти сўфий авлиёю-амбиёлар, донишманду-олимлар, аждод- авлодлар қувватидан, илмидан, зикриётидан ва амалиётидан баҳра олди. Жамиятда, оила, шахс дунёсида музокараларга сабаб бўлди. Тўқнашувлар ичида қолиб, танқид нишонига айланди ва шу билан биргаликда кучли тобланди ва инсонлар қалбида қувват, ҳаёт тарзи сифатида жой олди.

Эндиликда Нурсафардийя ўз олдига ундан ҳам улуғроқ мақсадни, яъни илоҳиёт даражасини забт этишни, уни оммага хабар сифатида етказишни қўйди.

Илоҳиёт махфий ва ўта юқори даражадир. Коинотнинг охири йўқ каби Илоҳ илмининг, амалиётининг туби мавжуд эмас, лекин мукаммаллик даражасида Улнинг яратган оламларига, нурига ва туганмас қувватига етишишнинг йўли бор. Айнан ушбу мақсад Нурсафардийя йўлидир.

Банда дин эътиқодида қуллик даражасида бўлса, сўфийликда Аллоҳга дўст, махфиятдош сифатида гавдаланади. Илоҳийлик оламида инсон Яратувчи-Илоҳ учун мовиятий нур, яъни Улнинг бўшлиғидаги ёруғлик, борлиқ сифатида қабул қилинади.

Инсон бу даражада Улнинг борлиғига қўшилиб кетади, ўзлик моҳиятини йўқотади, оламлар сайёҳига-жарчисига айланади.

Ул қувватидан, нуридан, ҳароратидан умрбод баҳраманд бўлиш омадига эришади. Одам онги, руҳи билан етиб бўлмайдиган олам-коинотий махфиятларга йўқликдаги борлиғи ила эришади ва Улнинг илоҳий вужудида мавжудлигини сезиб туради.

Эндиликда Сиз азизларни ушбу илоҳиёт оламда бўла олишингиз учун янги “Nursafardiyya-ilahism.com” сайтига таклиф этамиз. Вужудингизда илоҳий бўшлиқни пайдо қилишингизда ва уни Илоҳ қувватига тўлдиришингизда муваффақиятлар тилаймиз.