Нурсафардийя илоҳий фалсафаси

Тошкент, 2005 йил
Нурсафардийя таълимотидан
Брошюралар Нашр йили: 2005 Жойлаштириш вақти: 06.08.2018
Нурсафардийя фалсафасининг асосини
жисмоний мукаммаллик, тафаккур
мукаммаллиги ва илоҳий – қувватий
мукаммаллик ташкил этади, янада аниқроқ
қилиб айтганда, шахс амалиётида рўй
берадиган ҳарактиёт, нафасиёт ва зикриёт
мукаммаллигидир.
Нурсафардий

Фалсафанинг моҳиятида ҳаёт, жамият, оила, тизим ва ниҳоят шахс ётади. Фалсафасиз тизим боши берк кўчага, муаммолар келиб чиқишига, тўсиқларнинг пайдо бўлишига, қарама-қаршиликларнинг кучайишига ва ниҳоят тўқнашувнинг рўй беришига олиб келади. Демак, фалсафа салбий жараёнларнинг рўй беришини секинлаштиради, иложи борича ижобий томонга юришни таъминлайди. Албатта, ҳар бир инсон ўз ҳаётий фалсафасига эга. Ҳамма гап, танланган фалсафанинг даражаси қандайлигига боғлиқ.

Агар исталган фалсафий қарашлар тизими, жамият, оила ҳохишига тўғри келмаса, у албатта тўсиққа учрайди ва муаммолар пайдо қилади. Демак, фалсафа даражасини юқорилаш, ойдинлаштириш лозим бўлади.

Шуни айтиш жоизки, фалсафасиз ҳаёт мавжуд эмас.

Энг юқори фалсафа, бу Яратганнинг фалсафасидар. Ушбу фалсафа, илоҳий фалсафадир. Илоҳий фалсафа замирида тафаккурнинг уйғунланиши ётади. Илоҳий фалсафа манбаига мушарраф бўлган сўфий, Яратганнинг моҳиятига, унинг инсоний фалсафасига равшанлик кирита олади. Худди шундай фалсафий тизимга эга бўлган Нурсафардий таълимоти ушбу тизим орқали ўз олдига, илоҳиётнинг махфий илмлари асосида ўзига маълум бўлган, ҳали оммага нотаниш манбаъларини очишни мақсад қилиб қўяди.

Хўш, булар қандай манбаълар экан?

Биринчи манбаъ – бу Аллоҳ томонидан нозил қилинган илоҳий китоб бўлмиш – Қуръони Карим. Ушбу китобдаги махфий илмлар ва илоҳий фалсафанинг аниқ, равшан изоҳлаб берилиши, энг юқори нозу-неъматлардан биридир. Қуръони Каримсиз дунёни кашф қилиб бўлмайди, Яратганнинг қонун-қоидаларини тушуниш эса асло мумкин эмас.

Иккинчи манбаъ – фаҳм-фаросат. Ушбу манбаъ иоҳиётдан келаётган хабар эвазига амалга оширилган ҳолда, инсонни илгарилаган фалсафий даражага кўтаради. Унинг меваси сифатида одамнинг иймонли, тартибли, ахлоқли бўлишини мисол келтириш мумкин. Фаҳм-фаросатсиз шахс илоҳиётдан маҳрум бўлади. Фақат ушбу манбаъ орқалигина ҳаётий фалсафани янги даражага кўтариш мумкин.

Учинчи манбаъ – бу мукаммаллик даражасидир. Инсон вужудида мукаммаллик даражаси қанча юқори бўлса унда шунча ривожланган фалсафа мавжуд бўлади. Мукаммал шахс илоҳий қуввати манбаъига мушарраф бўлганлиги сабабли, илоҳиётдан хабар олиш, илҳом замирида Яратганнинг фалсафасини англай олиш, уни кундалик ҳаётида ишлата билиш, ривожлантириб, янги бир ҳаётий фалсафа ярата олиш имконига эга бўлади.

Тўртинчи манбаъ – Устоз илми ва илоҳий қувват. Маълум даражага етиб борган, изланиш ва тажрибаларига асосан ўз хулосасига эга бўлган устоз фалсафаси – ўта муҳим ҳисобланади. Бунинг сабаби, ундаги ҳаётий амалиётдир. Устоз тажрибаси, амалиёти ва илмига асосланиб, унинг хатоларини қайтармасдан, ижобий томонларини ўзида ривожлантирган ҳолда фалсафа яратиш, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Устознинг даркорлиги юқорида таъкидланган манбаъларга эга бўлишда яққол билинади.

Хўш, шундай манбаълар, фалсафалар ичида Нурсафардийя таълимоти нимага асосланиб ўз илоҳий йўналишини яратди? – деган савол туғилади.

Нурсафардийя илоҳиёт фалсафаси зинапоясидан бирма-бир ўтиш даври 35 йилни ташкил этди. Ушбу тарихий замонда нафақат илм ўрганишга, балки уни ҳаётга тадбиқ этиш билан, тўғридан–тўғри у, ёки бу фалсафий йўналишлар қўйнида яшашга, уларни вужудан, ақлан ва руҳан тажрибадан ўтказишга тўғри келди.

80-чи йилларда Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳри чеккасида жойлашган Йога (жўга) марказида 9 ой таълим олдим. Машғулотлар Раджа-Йога тизимининг медитацион (зикр) машқлари асосида олиб борилар эди. 2 ойлик дарслардан сўнг, бир куни Харамагуру менинг астойдил зикрга берилганимни кўриб, маслаҳат бериб қолди:

– Шогирд, сенинг тиришқоқлигинг фақат даражангни пастга туширади, – деди.

Ҳайратланиб, ундан сабабини сўрадим.

– Ўғлим, сен яшаётган ерда қувват кучли экан, айниқса илоҳий қувват. Сенга ота-боболарингдан ҳадя қилинган илоҳиёт, хозирги қилаётган ишингдан юқори туради. Бизда ернинг кучи кам бўлгани учун ҳатто, ўлганларни ҳам кўммаймиз, балки ёқамиз. Чунки, ер мурдаларни чирита олмайди. Сенинг танангдаги нурдан кўриб турибманки, ватанинг, авлод-аждодларинг қуввати юқорилиги сенда илоҳий қувватга замин тайёрлаяпди. Мақсад, фақат ўрганиш ва билим олиш бўлиши керак эмас, балки, ўзликдаги борлиқни сеза олиш ва уни ривожлантира олишда бўлмоғи лозим.

Ҳали менга маълум бўлмаган бундй хабардан, нима дейишимни ҳам билмай қолдим, узоқ вақт жимликдан сўнг ўзим гап очдим:

– Ҳиндуизм, Йога (жўга) тизимини ҳам сўфийликнинг тарихий йўналиши дейишадику, ёки мен нотўғри фикрдаманми?

– Йўқ, тўғри фикр, лекин, фақат фалсафаси холос. Аммо унинг моҳияти, устуни бўлмиш хабарий қуввати, бир-биридан катта фарқ қилади. Уларнинг даражаси ва қувват манбаъи бошқа-бошқадир. Сен машғул бўлаётган сўфийлик, доимо ҳаракат, янгиланиш ва динамикага эга бўлган тизимдир. У ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Ҳиндуизм эса тарихан қандай яратилган бўлса, ҳозиргача принциплари ўзгармаган. Бир тўда халқ урф-одатлари, удумлари асосида қолиб кетган ва янги хабарлар билан бойитилмаган. Албатта, бизнинг ҳам Тангридан оладиган хабаримиз мавжуд, яъни, биз руҳга интилмаиз ва инсонни унутамиз. Сизлар эса илоҳий қувват хабарига интилмоғингиз ва мукаммаллик сари саъй -ҳаракатлар қилмоғингиз даркор. Шунинг учун, ўғлим, вақтни бекор ўтказмасдан Хатха-Йўга тизимига ўтган ҳолда жисмоний, физиологик ва ички қувватий хабарларни пайдо қиладиган, уларни мустаҳкамлайдиган машқлар тўплами билан машғул бўлинг, – дея мен билан хайрлашди.

Исбот шу даражада тушунарли эдики, мен ҳеч иккиланмасдан эртасигаёқ бошқа бўлимга ўтиб дарсларимни давом эттира бошладим.

Ушбу мисолни келтиришдан асосий мақсад у, ёки бу фалсафани тўғри ёки нотўғри демоқчи эмасмиз. Ёки у нарса билан шуғулланиш мумкин эмас деган фикрдан ҳам йироқмиз. Фақат фалсафалар даражасининг инсонга берган хислати ва белгилари тўғрисида билдириб қўймоқчимиз, ҳолос.

Нурсафардийя фалсафий хабарларига етгунча, дунёни лол қолдирган ва қолдираётган Тибетнинг афсонавий ҳаётида ҳам 3 йил яшаш насиб этди. Лхасанинг ва Ҳимолай тоғ тизмалари ён бағрида жойлашган саройларда ва кўпгина Ламалар қўлидан таълим олишимга, табиатнинг инжиқликлари ва бешафқатликларига чидашга тўғри келган. Кўп бора мусаффо осмон узра яқиндан кўринаётган ғуборсиз юлдузлардан кўз узмай, тун бўйи зикр билан машғул бўлганман. Ўша даврларни фақат ва фақат яхши ҳаёллар билан ёдга оламан.

Ўша Тибет хотиралари боис, мени доимо иккита савол қийнаб келади:

Улар тошга сиғинишаяпдику, уларда қани ер қуввати, қани илоҳ рамзи?

Нима учун ўз ватаним тупроғида шунча сўфий авлиёлар қабрлари ва қадамжолари мавжуд бўлсаю, уларнинг ижобий қувватлари қаерда, қандай қилиб уларни эгаллаш мумкин?

Сиз азиз китобхонларда – Нурсафардий дунё кезган, илм ўрганган ва маълум тажрибага эга бўлганидан кейингина ўз фалсафасини яратмоқда, – деган табиий фикр пайдо бўлиши мумкин. Асло, бундай эмас. Чунки, Аллоҳнинг ўзи мени ҳамма жойда асраб, бошқа ҳеч бир илм, дин ва фалсафани тафаккуримга киргизмади ва вужудимда бўшлиқ яратиб, илҳом йўли орқали борлиғимга чуқур фалсафий хабарлар инъом этди.

Нурсафардийя фалсафасида динамика, яъни фаоллик ётади. Бу нима дегани?

Шу давргача бўлган сўфийлик фалсафасида Аллоҳнинг жамоли, гўзаллик тимсоли – статик, яъни турғун ҳолатда қолдирилиб, аёлларда, У яратган табиат неъматларида тараннум этиб келинган. Уларга етишиш машаққат ва азоб чекишни талаб қилган. Қуллик ҳолатида, орому-сафо, аёл рухсоридан ва майдан мавҳум даражада, тафаккур орқали Ҳақ жамолига етишга ҳаракат қилинган.

Нурсафардийя йўналишида асос – динамика ва илоҳий қувватдир, яъни Аллоҳнинг жалолига эришмоқликдир. Унинг қудратидан туганмас кучни, гўзалликни топа билишдир. Бу эса ўз қаторида инсондан мукаммаллик, фаоллик сари юришни, Илоҳнинг олий қувватидан хабар олган ҳолда Унинг махфиятига кириб бориш, ниҳоят Аллоҳ билан дўстона муносабатлар ўрнатиб, У яратган оламларда бирга сайр қилмоқликдир.

Нурсафардийя фалсафасининг бошқа шу борадаги фалсафалардан фарқи ҳам айнан учинчи босқичнинг мавжудлигидадир. Яъни ўзликни ва Яратганни таниш, унга қўшилиб кетиш ва ниҳоят Илоҳнинг яратган махфий оламини биргаликда кезмоқликдир. Дўст-дўстга ишонади ва бир-бирига садоқатли қолиб, ўзаро сирлашади, бир-бирига доимо ёрдам қўлини чўзади.

Учинчи даражага етган сўфий орқали Илоҳ янги қувват манбаи яратади, ўз олий қувватининг зоя кетишига барҳам беради, вақти келганида ундан воситачи, етакчи, кези келса илоҳ сифатида фойдаланади. Бундай сўфий – Аллоҳнинг ердаги вакили сифатида махфий қола олади. У бирор-бир амалиёт ёки каромат кўрсатадими, ёки йўқми, бу фақат Илоҳнинг ўзига боғлиқдир.

Аллоҳ ҳали охирги замон келмагунча, бу дунёда жазоланиш ва мукофатланиш амалини инсоннинг ўзига ва ердаги вакилларига топширган. Инсон ўз қилмишига яраша ўзини-ўзи жазолайди, мукофотлайди, лекин бу фаолиятнинг асосий қисми авлиё даражасига етган сўфийлар зиммасига тушади, одамлар эса бунинг фарқига тўлиқ етиб бора олишмайди.

Юқори даражага етган сўфий Аллоҳ билан “Аҳд” шартномаси тузади. Ушбу битимдан кейин сўфийнинг бутун ҳаёт-мамоти фақат Яратганнинг буйруғи асосида рўй бера бошлайди. Ушбу “Аҳд” –қувватий даражада амалга оширилади.

Аҳдда бўлмаган инсон, Аллоҳдан ҳеч нарсани талаб қилишга ҳақли эмас ва улар орасидаги муносабат самарасиз, маъносиз бўлиб қолаверади.

Хўш, Аҳд шартномаси шундай керакли экан, уни қабул қилиш қандай ҳолда рўй беради? – деган савол туғулиши мумкин. Бу саволга сиздаги тафаккур янаям ривожланиб, илгарилаб борсангиз, кейинчалик жавоб берамиз деган умиддаман.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Нурсафардийянинг 14 амалий, 14 ўзига хос фалсафий йўналиши мавжуд. Улар ҳақида батафсил маълумотларни, шу борадаги чоп этилган ва этилаётган рисолалардан тўлиқроқ билиб олишингиз мумкин.

Энди эса амалиётга ўтиб, сизнинг тафаккурингиз, махфий фикрлаш қобилиятларингизни ривожлантириш мақсадида, махфий илмга бўлган чанқоғингизни бир оз бўлсада босиш учун, қуйидаги фалсафий қарашларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Буржи фано нари, олий қувват сари

img_01.png

Нурсафардийя фалсафасининг асосини юқоридаги расмда тасвирланган манада (мандала – шакли денгиз) ташкил этади. Қуръони Каримдаги баъзи сураларнинг бирдан бешгача бўлган харфлар йиғиндисидан ташкил топган шакли дарёлар, Аллоҳ томонидан махфий илм сифатида сўфийларга хавола этилган. Уларни шариат олимлари ҳар хил тушунтиришга ҳаракат қилишади ва ниҳоят буларнинг асл маъносини ягона Яратганнинг ўзи билади дейишади. Тангри инсон онги ета олмайдиган илмни ўз китобида нозил қилиб қўймайди. Уларни тафаккур орқали англаш бандасига ҳавола.

Нурсафардийя илоҳий қувват хабарига асосланиб, ушбу шакли дарёларнинг илоҳий моҳиятни бирма-бир тушунтириб беради.

Шакли дарёлар шу даражада муҳим маълумот манбаъидирларким, уларни ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида қўллаш мумкин. Масалан, табобатда инсон танаси тузилишида, ички қувват марказларини ривожлантиришда, ҳаракат ва жанг санъати тизимларида жуда қўл келади. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир қилинаётган амаллар шу шакли денгиз ичида рўй беради ва ривожланади. Илоҳиётнинг асосини ҳам ушбу хабар ташкил қилади.

Эътибор берган бўлсангиз шакли дарёлар сони 14 та ва улар тизимидаги ҳарфлар сони ҳам 14 тадир. Бунинг замирида катта махфий илм ётади. Унга эришиш пирсиз, муршидсиз кечмайди ва инсон учун ўта мушкул амаллардан бири ҳисобланади.

2. Руҳ – вужуд сарвари, қувват – дил гавҳари

Одам вужудига доимо қуйидаги жараёнлар таъсир кўрсатиб туради. Улар организмга ҳам ижобий, ҳам салбий хабарларни олиб кириши мумкин.

  • Озиқ-овқат қувватий хабари;
  • Аждодлар қувватий хабари;
  • Инсоний ички қувват хабари;
  • Шахснинг хулқ-атвори хабари;
  • Табиат фасллари қувватий хабари;
  • Коинот қувватий хабари;
  • Илоҳий қувват хабари.

3. Олами – руҳи нари, қуввати – олий бари

Инсон қуйидагиларга кўнгил қўйиши, севиши ва ҳаётиини бағишлаши мумкин. Бу эса инсоннинг тафаккур даражасига боғлиқдир:

  • Нафсни севиш;
  • Одамни севиш;
  • Нафасни севиш;
  • Табиатни севиш;
  • Осмонни севиш;
  • Йўқликни (мавҳум) севиш;
  • Борлиқни севиш;
  • Аллоҳни севиш.

4. Руҳ – вужуд зоҳири, қувват – дил жавоҳири

img_02.png

Илоҳиёт билан ушбу даражаларда муносабатда бўлиш мумкин.

5. Руҳият – тан ботини, қувват – дил олтини

Сўфийлик тамғаси бурчакларининг Қуроъни Карим суралари замиридаги ифодаси

img_03.png
  • Фалақ сураси №1;
  • Нос сураси №2;
  • Кафирун сураси №3;
  • Таббат сураси №4;
  • Ихлос сураси №5;
  • Қадр сураси №6;
  • Кавсар сураси №7;
  • Қурайш сураси №8.

6. Қуввват борда, амал бисёр

а)

img_04.png

Инсоннинг ташқи салбий қувватларидан ҳимояланиш учун тўрт тоифа қўлланиладиган суралар мажмуаси:

б)

img_05.png
  • Фалақ сураси №1;
  • Нос сураси №2;
  • Кафирун сураси №3;
  • Таббат сураси №4;
  • Оятил курси №5, 6;

Cалбий қувватлар тизимига қарши қўйиладиган 6 тарафдан ҳимояловчи суралар мажмуаси.

7. Валикуллин даражатун мимма амилув

img_06.png

Ҳар бир инсон даражасига қараб, шакли денгизда кўрсатилганидек илгарилаб бораверади, Иншоолоҳ.

Юқорида қайд қилинган айрим фалсафий махфий илмлар тўплами фақат Нурсафардий таълимотига таъллуқлидир ва уларни англаш, ечимини топиш, Устознинг шахсан ўзи билан бўлган суҳбат орқали амалга ошади.

Юклаб олиш учун файллар

Босиб чиқариш учун PDF (A5) 503.95 КиБ | Юклаб олиш

Ўқиш учун PDF (A4) 293.88 КиБ | Юклаб олиш