Инсон кашфиёти тараққиётининг таназзули

(Махфий илм - дунёвий ва илоҳий тараққиёт борасида)
Нуру Нурсафардий
Брошюралар Нашр йили: 2011 Жойлаштириш вақти: 06.11.2018

Дунё сирли бир хилқатдир. Инсон сирли бир хилқатдир. Оламни илоҳиёт маҳсули дерлар. Илоҳиёт ичидаги одамни ҳам унинг бир бўлаги дедилар. Олам илоҳиёт экан, нега одам илоҳиёт эмас. Олам илоҳиёт экан, нега одамлар илоҳиётни нафсга айлантирдилар. Олам одамларга боғлиқдир, нега одамлар оламга оламий илоҳиётга боғлиқ эмас. Одамлар оламни оддий кўзда кўрдилар, одамлар оламни Илоҳ назари билан кўрмадилар. Илоҳ назари кўнгилда эканлигини билмадилар. Одамлар кўнгил олтинини занглатдилар. Одамлар кўнгилни кўзини кўр қилдилар. Одамлар ўз -ўзларига қотиллик қилдилар. Одамлар ўзларини ўзлари ўлдирдилар. Одамлар ўзларини нафс билан ўлдирдилар. Одамлар ўзларини нафс ботқоғига отдилар. Одамлар нафсни жаннат ўрнида кўрдилар. Одамлар нафс орқали ўзлари ўзликларини унутдилар ва оламдан айро тушдилар. Олам илоҳиёт маҳсули, одамлар бу маҳсулликда маъсулият сезмадилар ва унинг қобиғидан чиқиб кетдилар. Одамлар тафаккурга нисбатан хиёнат қилдилар. Одамлар тафаккурни нафсга сотдилар. Йигирма биринчи аср худосизлик асрими? Йигирма биринчи аср иймонсизлик асрими? Йигирма биринчи аср нафс асрими? Йигирма биринчи аср манқуртлик асрими? Йигирма биринчи аср дунёвий тараққиёт асри. Илоҳий оламда илоҳий тараққиёт асри бўладими? Инсоният илоҳий тараққиёт даврига қачон киради? Инсоният дунёвий тараққиёт ортидан қувган бир пайтда илоҳий тараққиёт рўй берадими? Дунёвий тараққиёт нима? Дунёвий тараққиёт нафсдир. Дунёвий тараққиёт дунёдир, инчунун бир қолипдир. Инсоният дунёвий тараққиётга ҳарчанд берилмасинлар, кашфиётлар натижа бермас ва бу қолипдан чиқолмаслар. Дунё надир? Дунё инсониятдир, дунё ердир, осмондир. Илоҳий тараққиётсиз осмон чегарасидан чиқолмаслар. Дунё инсоният учун тордир, илоҳиёт учун чексиздир. Илоҳий тараққиётсиз осмон пардадир, нарёғи кўринмас. Илоҳий тараққиёт пардани кўтарар. Илоҳий тараққиёт бутун инсоният кўнглидан пардани кўтарар. Бутун инсоният ўзликни англаш қасрига кирсагина илоҳиёт асри бошланади. Бутун инсоният тараққиёти рўй берсагина, илоҳиёт асри бошланади. Инсоний тараққиёт ортидан илоҳиёт асри бошланади. Ўшанда дунёвий тараққиёт эскиради. Маъносиз бўлиб қолади. Инсоният илоҳий қувват ила ўзга галактикаларни кашф қилиш имкониятига эга бўлади. Инсоният дунёвий тараққиёт ичида қолиб кетди. Дунёвий тараққиёт инсониятни ўзига бўйсиндирди. Ва шу баробарида инсоният онгидан илоҳий тараққиёт тамойиллари ўчиб кетди. Бундай ҳолатда инсоният нимага эришди? Инсоният нобоп тараққиёт ва нотўғри дунёвий фалсафалар ортидан қувиб, боши берк кўчага кириб қолди. Инсоният ва олам хавф остида қолди. Инсоният дунёни мувозанатини йўқотди. Инсоният дунёни хароба ҳолатга келтирди. Инсоният мансаб ва нафс ортидан бир - бирини қирди, табиатга, набототга беқиёс зиён етказди. Мусаффо оламни тутунга айлантирди. Ва ана шу тутундан ўзи нафас олмоқда. Йигирма биринчи аср инсоният тақдирини ҳал қилмоқда. Дунёвий тараққиёт оламнинг асл қонунларини бузди. Инсоният оламнинг асл қонунларини бузди. Инсоният оламни ўзича кашф қилмоқчи бўлди. Инсоният оламнинг асл кашфиётчисини унутди. Инсоният оламда ўзини чинакам яратувчи деб билди. Ва унинг бу яратувчанлиги бир кун келиб ўзига қарши қурол бўлишини англамади. Инсоният яратувчанлик бобида адашди. Инсониятнинг яратиш қонунлари, олам қонунларига мос келмади. Дунёвий тараққиёт илоҳиётсиз рўй берди. Дунёвий тараққиёт, илоҳий қонунларсиз рўй берди. Ва шунинг учун ҳам инсоният боши берк кўчага кириб қолди. Оламнинг илоҳий қонунлари, дунёнинг тараққиёт қонунлари билан уйғунлашмади. Инсоният дунёвий тараққиёт билан чекланди. Дунёвий тараққиёт шиддат билан одимлаб бормоқда ва унинг ниҳояси нима билан тугаши бугунги кунда барчага маълум бўлиб қолаётир. Дунёвий тараққиёт, илоҳий тараққиёт уйғунлигисиз инсониятнинг таназзулини белгилаб қўймоқда. Дунёвий тараққиёт инсониятни биринчидан тафаккурини заҳарлади ва иккинчидан вужудан соғлигига путур етказди. Дунёвий тараққиёт оламни ўз қонунлари изидан чиқарди. Инсоният оламни маълум муддатга ўз измига бўйсиндирди ва бундай буйсинишнинг ортида фалокатли исён борлигини кўролмаяптилар. Олам инсониятнинг нобоп тараққиётига сабр қилмоқда.

Дедим, оламни инсон қутқаради. Оламни Илоҳ қутқаради. Инсон Илоҳга айлансагина, оламни қутқаради. Илоҳсиз оламнинг таназзули яқиндир. Илоҳсиз олам таназзул бўсағасидадир. Нега? Илоҳ тушунчаси биздан шунчалик узоқлашиб кетдики ҳатто, уни тушуниш у ёқда турсин, унинг номи ҳатто инсониятга эриш туюлмоқда. Бу нима дегани? Бу бир неча олимнинг дунё кашфиётини қилиши билан маълум инсонларнинг бойиши ва улар ортидан замин ва миллионлаб одамларнинг тараққиёт қурбонига айланиб қолиши ҳолати рўй берди. Тараққиёт қурбонлари деганда нимани назарда тутамиз?

Тараққиёт қурбонлари деганда, Илоҳдан йироқлашган, Илоҳни унутган инсониятни назарда тутамиз. Инсоният том маънода тараққиётнинг қурбонига айланди. Мозийга назар ташлайдиган бўлсак, техник тараққиётдан кўра, тафаккур тараққиёти кўпроқ ривожланганлигининг гувоҳи бўламиз. Тафаккур тараққиёти ўша даврларда бевосита илоҳиётга боғлиқ ва унинг тамойиллари амалиётда бўлмасада, назарияда кучли маъно ва мазмун касб этиб турарди. Ана ўша илмий илоҳий назарияларнинг амалиёти келган бизнинг асримизда, унинг ўрнини дунёвий тараққиёт эгаллаб олди ва илоҳиёт, илмий назариялар, фақат қоғозларда қолиб кетдики, унинг амалиёти йўқлиги натижасида дунёвий тараққиёт нобоп йўлдан кетиб инсониятни боши берк кўчага олиб кирди. Дунёвий тараққиёт шу даражада илдамлаб кетдики, унинг самарасидан баҳра олган инсоният илоҳий назарияларга шубҳа билан қарай бошлади. Том маънода инсоният илоҳий назариялар ва амалиётни бир чеккага суриб қўйди. Бундай қалтис истак инсоният учун фалокатлар эшигини очиб қўйганини ҳали одамлар тўла англаганларича йўқ. Инсониятда илоҳий назария ва амалиёт тамоман йўқликка юз бурди. Тўғри, инсоният онгида Худо номи муҳрланган. У Худо ҳақида эшитган ва Худо томонидан яратилганини гоҳо тан олиб қўяди. Тан олиши бошига кулфат тушганда ва ё ўлим унинг хаётига чанг солгандагина, Худо, дейди. Инсоният Худони билади, лекин уни танимайди ва кўр -кўрона унга ишонади. Худо инсоният учун захирадаги ҳимоя воситасига айланиб қолган. Худони инсоният бошга кулфат тушганда ёки хасталикка чалинганда “ишлатади”. Бизни асра, дейди. Ва бу сўзларини айёрона тарзда илтижо сифатида айтади. Инсоният Худони ўзига қул қилмоқчи бўлади. Агар инсониятни Худо асрамаса, инсоният Худога ишонмайди, барини сафсатага ёяди. Мабодо, асраганда Худо бизни асради, - деб тилда айтадию, эртаси яна тилдан ҳам, дилдан ҳам унинг номи ўчади.

Ибодат нима? Ибодат ҳар қандай дунёвий юмушдан устун турадиган амал бўлмоғи лозимдир. Инсон ибодатга айлансагина, ўз инсоний қиёфасини кўради. Тилда айтилган ибодатнинг қуввати бўлмайди. Ибодат дилдан бўлмоғи ва ибодат қилувчи, ибодат пайтида бутун тафаккурини Илоҳга қаратмоғи лозимдир. Бизнинг давримизда ибодат ўз кучини маълум маънода йўқотди. Инсоният ўз манфаати йўлида ибодат қилиш йўлига ўтди. Бундай холатда инсон ибодати Илоҳга етиб бормайди. Бир воқеага эътибор қилинг. Яқинда қўшни бир давлатда одамлар назарида машҳур бир кучли мулланинг уйида меҳмонда бўлдик. Даврада ибодат қилиб ўтирганимизда, айни ибодатнинг авжига чиққан бир палласида, мулланинг ўғли сигирини ҳайдаб ҳовлига кирди. Ва сигирлар ҳовли томорқасида экилган маккажўхори ичига кириб кетди. Шунда мулла ибодатдан фикри бўлиниб, сигирни қайтар, маккажўхорини пайҳон қилди, - деб ўрнидан туриб кетди. Биз ҳайратдан донг қотдик. Мана сизга ибодат. Шу ҳолатни ибодат деб бўладими? Ибодат бу дунёвий нафсдан узилиш, фикр ёдини Илоҳга қаратиш эмасми? Дунёвий юмуш, дунё олдида илоҳий тамойилларнинг қадрсизланиши, бу кечирилмас гуноҳдир. Ибодат надир? Ибодат ҳимоядир, ибодат қалқондир. Ибодат инсонни, инсониятни, заминни, борлиқни бало - қазолардан асрайди. Бизнинг ибодатимизга Яратган муҳтож эмасдир ва ибодат бандаларнинг ўзларини қутқариб қолишлари учундир.

Сен дунёга нечун туғилдинг, мен дунёга нечун туғилдим. Истак бир, лек амаллар бошқа. Мен боқийга амал қилдим, сен фонийга амал қилдинг. Мен боқийни аломат билдим, сен фонийни саломат билдинг. Мен боқийликда боқийлик истадим, сен фанода соқийлик истадинг. Мақсадимиз битта, йўлимиз бошқа. Ё, сен адашдинг ва ё мен адашдим. Менинг адашганим, сенинг боқийни кўролмаганингдир. Сенинг адашганинг, менинг фонийни кўролмаганимдир. Мақсадимиз биру, йўлимиз бошқа. Биз бир - биримизга мисли бегона. Йўлимиз истак йўлида айро тушди. Мен боқий истадим, сен фоний истадинг. Мен фонийда туриб, боқийда яшамоқдаман. Сен фонийда туриб, боқийсиз яшамоқдасан. Боқий надур, боқий абадиятдур. Фоний надур, фоний башариятдур. Абадиятнинг чегараси кўринмасдур, башариятнинг охири бир қадам наридадур. Мен охири кўринмас манзилни кўра билдим, сен бир қадам нарини кўролмадинг. Бир қадам нари қабрдир, қабрдан нариси... Мавҳумдир... Абадиятни топмоқ тирикликдадур... Тириклик имкониятдур. Имконият сабрдур. Сабр тақводир, тақво илоҳийдур, илоҳий қувватдур, қувват жамолдур, қувват жалолдур. Жамол ва Жалол абадиятдур... Инсониятнинг, башариятнинг Илоҳни унутишга ҳаққи йўқдир. Башарият худо дегани билан унинг фарзларига унинг истагига амал қилмас экан, Илоҳнинг унутилганидир. Амалсиз юмуш саробдир. Илоҳни саробга ёйганлар, гуноҳкордирлар. Биз таназзулга бораяпмизми? Таназзул, башарият таназзулининг асосида нима турибди? Балким олам саҳнига сиғмай қолган гуноҳлардир. Яна нима бўлиши мумкин? Башарият, омонат оламда қандай йўлни танлади. Башарият хато йўлдан кетди. Биринчи сабаб, дунёвий тараққиёт ортидан қувган инсоният, Илоҳни унутган бўлса, иккинчидан инсоният ана шу тараққиёт ортидан керилиб, ўзига тамоман эътиборини сусайтирди. Ва бунинг оқибатида умуминсоний манқуртлик синдроми авж олди. Инсоният бутунлигича дунёга боғланиб қолмоқда ва борлиқни яратган Илоҳ қонунлари ўз кучини йўқотган ҳолда, башарият ўз - ўзини жарлик ёқасига келтириб қўйди. Илоҳ қонунлари башариятга нима бериши керак эди? Албатта, мукаммаллик... Нега инсонлар бу қадар тушкунликка берилдилар? Нега олам саҳнидан файз йўқолмоқда? Нега башариятнинг бошига бунчалар бало қазолар ёпишмоқда? Албатта, мукаммалликнинг йўқлиги ҳисобида башариятнинг тамоман таназзулга юз буриши эҳтимоли кўриниб қолмоқдаки, агар бу ҳолат шу тариқа давом этаверса, англасак бўладики, Илоҳ қиёматидан олдин башарият ўз қўли билан яратаётган қиёмат бирмунча олдинроқ содир бўлади. Нега? Биринчидан нобоп тараққиёт ортидан экология, табиий мусаффо муҳит заҳарланди, иккинчидан замин бағридаги табиий заҳиралар шиддат билан суғуриб олинмоқда, учинчидан инсоният орасидаги бедаво касалликларнинг урчиб кетиши ва уларни даволаш тизимларининг ҳали мавжуд эмаслиги... Тафаккурнинг йўқолиши, қирғинбарот қуролларнинг қўлланилиши... Буларнинг барчаси инсониятнинг, заминнинг ўзига қаратилган офатдир. Айнан бундай салбий жараёнларни келтириб чиқарадиган воқеаларнинг сабабчиси, қўл бармоқлари билан санаб бўлинадиган шахсларнинг манфаати ётади. Балким, бундай глобал муаммоларнинг келиб чиқишига айнан бутун инсониятнинг айби, уларнинг бу ҳодисаларга томошабин сифатида кузатиб туришлари ва қўрқоқликларидадир. Айнан, айрим шундай шахслар нафақат иқтисодий ва сиёсий таназзулни, балки бутун бир миллат таназзулини келтириб чиқариши мумкин. Инсоният уларни тўхтатиши керак, башарият уларни тўхтатиши керак. Биз ўзимизни тийишимиз керак. Биз асосий эътиборни нафсга эмас, тафаккурга қаратмоғимиз керак. Нафс оламни бузади. Нафс дунёни, башариятни чинакам таназзулга олиб келади. Инсоният нафс йўлида эмас, тафаккур йўлида юрсагина дунёни қутқариб қолиш мумкин. Инсоният енгил ҳаёт тарзига тобора чуқурроқ кириб бормоқдаки, бунинг асосий сабабчиси айнан нобоп тараққиёт асоратларидир. Инсоният тараққиётга ниҳоятда шошилмоқда. Бу билан нимага эришилади.Биз тараққиёт йўлида истаган нарсамизни янчиб ўтаяпмиз. Бунинг ортидан биз башарият аҳли авваламбор, ўзимизга зиён келтираётганимизни афсуски, жуда кеч англаяпмиз. Ва энг фожеали томони шундаки, биз бу нобоп йўлдан қайтиш ва мусаффо тафаккур ила соғлом тараққиёт йўлини танлашни хаёлимизга келтирмаяпмиз. Биз нима яратмоқчимиз ўзи? Синов майдонида қисқа умр мобайнида нималарга эришмоқчимиз ўзи? Кечирасиз биз ўзимизнинг тараққиётимиз билан келажакка мажруҳ заминни ва фалаж авлодни қолдирамизми? Заминни ифлослантириб бўлдик, Озон туйнугини очиб қўйдик, мутацион касалликларни кашф қилдик, қирғинбарот қуролларни тайёрладик, химиявий унсурларга тўлиб тошган дори - дармонларни сотиш , бойлик орттириш важидан турли касалликларни келтириб чиқарувчи маҳсулотларни тарқатишдан чарчамадик, Заминни бағрини ўйиб, табиий захираларни тугатаяпмиз ва биз келажак авлодга нима қолдираяпмиз. Қиёматни, бало - қазоларни қолдираяпмизми? Бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин. Унинг тўхташ самараси яқин келажакда кўринмаётир. Назаримда шиддат билан таназзул сари кетаётган башарият карвонини тўхтатиб қолиш анча мушкул бўлиб қолиши мумкин.

Хулоса сиздан биродарим...

Юклаб олиш учун файллар

Босиб чиқариш учун PDF (A5) 254.78 КиБ | Юклаб олиш

Ўқиш учун PDF (A4) 164.58 КиБ | Юклаб олиш