Нурсафардий нима истар?

Тафаккур йўлида машаққат
Нуру Нурсафардий
Мақолалар Нашр йили: 2010 Жойлаштириш вақти: 06.11.2018
Борлиғимда борсан йўқликда мавжуд,
Мавжудлигим санда, туфроқда вужуд.
Не қилдим топмасам жамолинг сани,
Самодадир иккимиз туташган ҳудуд.

Дедим, борлиқ ичра йўқликка айландим ва йўқлик ичра борлиқнинг вазифасини бажардим. Камина халқ ичида юриб халқни кўрдим, лекин мандаги борлиқ уларнинг кўзига йўқлиқ сифатида кўрина бошлади. Шунда йўқлиқнинг асли борлиқ эканлигини англадим ва англаганларимни баён этмоққа жазм эттим. Дедимки, борлиқнинг асли йўқлиққа туташур ва буни англаганлар борлиқ ичра йўқлиқ истагидан чўчидилар ва борлиққа меҳр бердилар. Йўқлиқнинг асли борлиқ эканлигини тафаккур англар ва тафаккурдан йироқлар борлиқни борлиқ сифатида кўрдилар ва йўқлиқдаги борлиқни ҳис қилолмадилар. Дедим, борлиқ бир нафасдур ва борлиқдаги йўқлиқнинг умри боқийдур. Бандалар борлиқ ичинда борлиқ билан кифояландилар ва моҳиятни англамадилар. Бандалар борлиқнинг асли йўқлиқ ва йўқлиқ ичра пайдо бўлган борлиқ маъносини англамадилар. Бандалар борлиқ ичра нафс иштиёқидан ўзга нарса тополмадилар ва фақат моддиёт мавжудликни кўра олдилар. Бандалар борлиқ ичра йўқлиқ, мавҳумлик сирини англамадилар. Дедим, кимки борлиқ ичра йўқлиқ сирини англади, саодат топди. Йўқлиқ бандалар учун то қалб кўзини очмас йўқлиқдир ва ундаги борлиқни ҳис қилмаслар. Борлиқнинг аслида йўқлиқ ётур ва йўқлиқнинг аслида борлиқ ётур. Алдамчи дунё деб шунга айтарлар. Борлиқни асли йўқлиғини яширган дунё борлиқни борлиғича кўрсатур ва борлиқдаги йўқлиқ сирларини мавҳум сақлар ва борлиқдаги борлиқ ила кифояланиб алданган банда, борлиқдаги йўқлиқнинг асл борлиғидан мосуводир. Йўқлиқдаги борлиққа осонликча эришиб бўлмас. Борлиқдаги йўқлиқни кашф этмоқ, кангул машаққатидир ва токи борлиқдаги борлиқдан юз бурмаган банда борлиқ ичра йўқлиқнинг асл борлиғини тополмагай. Дедим, борлиқдаги борлиқда, йўқлиқдаги борлиқнинг амаллари унутилди ва борлиқ ичра бандалар фақат борлиқни кўрдилар. Йўқлиқ нима? У борлиқдир ва бандалар бу борлиқни кўролмаганлари учун ҳам йўқлиқ дедилар. Йўқлиқдаги борлиқни биз ҳамиша кўриб турдик ва бандаларнинг қалб кўзлари нафс амрига бўйсунгани ва парда торгани учун ҳам йўқликдаги борлиқни кўролмадилар. Бандалар моддият ва нафс билан чекландилар ва асл ҳолни кўролмадилар ва ҳолат билан чекландилар. Борлиқдаги борлиқ амаллари нафсга айланди ва йўқлиқдаги борлиқни ҳис этолмадилар. Дедим, ман борлиқдаги борлиқда йўқлиқдаги борлиқни кашф этганим учун ҳам, борлиқдаги йўқлиқ сарҳадида ўзимни топдим. Шу сабаб ҳам борлиқ ичра манинг пинҳонлигим сезилиб, йўқлиқдаги борлиқда намоён бўлдим. Бу ҳолат борлиқ ичра йўқлиқдаги борлиқнинг ҳукмдори Ҳаққа ва йўқлиқ ичра абадий борлиқни излаган бандага аъёндир. Борлиқ надир, ки ул борлиқнинг асл ҳолати ва пинҳона йўқлиқ сиридир. Бандалар борлиқда борлиқ ҳолатини кўрдилар ва йўқлиқдаги борлиқ сирларини кашф қилолмадилар.Борлиқ борлиғича нафс ва шайтоний ҳисларда кўринди ва буни бандалар англаган ҳолатда вужудларида қабул қилдилар ва руҳият сирларига эътибор қаратмадилар.

Олам надир? Бир нафасдир, нафас ичра вужуд бир қафасдир, вужуд надир вужуд туфроқдир. Жон вужуд ичра меҳмондир ва жон ичра руҳият боқийдир.Руҳият надир, руҳият пок кангулдир. Кангул руҳият ичра ишққа боғлиқ хилқатдур. Хилқат кенгдур, унинг сарҳадлари само қадардур. Ва самовий қувватнинг жилолари айнан кангул поклигида жилоланур. Само надур? Само илоҳий қувватдур. Самовий қувватнинг салтанати кангулдур. Ва самовий қувватнинг кангулга сиғиши Илоҳдур. Илоҳ надур? Илоҳ жамолдур ва жалолдур. Ва илоҳий жамол ила илоҳий жалолнинг кангулга боғланиши машаққатдур. Машаққат надур? Машаққат вужудни азият орқали роҳатлантиришдур. Роҳат ва лаззат надур? Роҳат нафсдан юз бурмоқ бўлса, лаззат зикрдур. Зикр надур? Ёлғиз хонадур, хона ичра танҳо кангулдур, танҳо кангул ичра илоҳий майдур, илоҳий май ичра Тангри номидур. Тангри надур? Фоний хилқатида одамни Илоҳга айлантирувчи буюк зотдур. Одам надур ? Одам Тангрини унутган дунёвий мавжудоддур. Онг надур ? Одамга Илоҳ томонидан берилган олтин ва одам бул олтинни йўқотибдур. Олтинда нимадур? Олтинда тафаккур узуклари, мукаммаллик жавоҳири, комиллик хазинаси яшириндур. Одам олтинни мисга айлантирибдур. Олтин рангини йўқотибдур. Одам надур? аввал вужуд кейин умр, ўлим, кафан ва қабрдур, охири туфроқдур. Руҳият надур? Аввал онг, ақл, тафаккур охири Илоҳдур? Одам онг ва ақлга етди ва тафаккурга етолмади. Одам вужуд бўлди, умр кўрди, ўлимга етди, кафан ила қабрга кетиб, туфроқ бўлди, тафаккурга етолмади. Илоҳни кўролмади ва англамади.

Одам онг ва ақл билан умрини дунёга бой берди ва тафаккурни занглатиб ўзининг Илоҳга чиқиш йўлларини бекитди. Одам онг ва ақлдан нажод излади ва тафаккур йўқлиги учун ҳам илоҳиётни унутиб шайтоний ҳаваслар бағридан роҳат излади. Одам борлигидаги онг ва ақлдан усталик билан фойдаланди ва нафснинг омонат роҳати тубига чуқурроқ сингиб борди. Одам онг ва ақл бирла дунёни жаннат деб билди ва ўзидаги тафаккурни унутган ҳолда, абадий роҳат манзилларини кашф қилолмади. Тафаккур ичидаги ҳақиқий роҳат меваларидан татимади ва дунёвий роҳат билан чекланди. Дунёвий роҳат надур? Дунёвий роҳат ўткинчи, дақиқаси ўлиб борувчи алдамчи ҳисдир. Одамлар доимий роҳат тафаккурда эканлигини англамадилар. Ва эътиборни вужуд роҳатига қаратдилар. Ва охир - оқибат вужуд абадийлигини йўқотиб қарилик сарҳадлари томон шиддат билан юрди ва охири дунёвий роҳатлар саробга айланди. Вужуд йўқлиқ ичра йўқлиқнинг мевасидур. Умр ғаниматида одамлар йўқлиққа кетишларини англаган ҳолда, йўқлиқ ичидаги борлиқни тополмадилар ва тамоман йўқ бўлдилар. Ман омонат оламда бир кун йўқлиқ ичра мавҳум бўлишимни англаган ҳолда, айнан йўқлиқ ичра абадий борлиқни изладим. Ва аввал ўзимни поклаган ҳолда, борлиқ ичра борлиғимни йўқлиқ томон бурдим. Ўлмай бурун ўлим таъмини тотдим ва унинг нишоналарини кўра бошладим. Бу нишоналар замиридан чиқиб келаётган қувват белгилари абадият жамолини ойдинлаштира бошлади. Ман узулуксиз роҳатни шунда сездим ва гарчи вужудим ерда бўлсада, токи жон қуши танамни тарк этгунга қадар, борлиқ ичра буткул йўқолдим ва абадият лаззати билан йўқлиқдаги борлиқда қолиб кетдим.

Одам надур? Умр йўлидаги адашган бандадур? Одам умрни англамади. Одам умр унинг вужудида меҳмонлигини англамади. Умр надур? Умр жонни ҳаракатлантирувчи қувватдур. Умр жонни тарк этса, жон танани тарк этар. Жоннинг жонлиғи умр биландур. Умр тугаса, жон ожиздур ва ортиқча вужудда қолмагай. Умр жонга, жон танага меҳмондур. Омонат оламда умр ғанимат, жон имкон, тафаккур омад қушидур. Умр келар, умр кетар, жон келар ва жон кетар тафаккур қолар, Илоҳ қолар. Умр лаҳзадур, кетса жонни олиб кетар. Тафаккур боқийдур, қолса Илоҳ билан қолар.

  • Умр - Илоҳга боғланиш учун берилган фурсатдур.
  • Жон - азоблар эвазига топилиши керак бўлган роҳатдур.
  • Тафаккур - боқий ҳаётда абадият уруғини сочувчи борлиқдир.
  • Кангул - Ҳақнинг жамоли ва жалолига элтувчи йўлдир.
  • Одам - борлиқ маҳсули ва йўқлиқдаги борлиқнинг топилмас матоси.
  • Онг - фикр яратувчи омил.
  • Ақл - мустақил ҳаракатлар тизими.
  • Тасаввур - тафаккурнинг нишонасидур.
  • Фикр - ақлнинг юқори даражаси.
  • Идрок - ақл жавоҳири.
  • Фаросат - тафаккурнинг оддий ҳолати.
  • Эътиқод - тафаккурнинг устуни, таянчи.
  • Сабр - кангулнинг асл жамоли.
  • Гўзаллик - илҳом ва илгарилаш рамзи.
  • Руҳият - тафаккурнинг шогирди.
  • Ҳиссиёт - идрокнинг юқори даражасидур.
  • Ихлос – кангулнинг - безаги, умрнинг гўзаллигидур.
  • Қувват - борлиқнинг йўқолиши ва йўқлиқнинг кўриниши.
  • Фурсат - эҳтиёт бўлинмаса, қочиб кетгучи эрка кийик.
  • Тақво - боқийлик кашфиёти.
  • Фано - алдамчи, маккор ва хиёнаткор сарой.
  • Бақо - абадият маскани ва узулуксиз роҳатлар салтанати.

Юклаб олиш учун файллар

Босиб чиқариш учун PDF (A5) 264.67 КиБ | Юклаб олиш

Ўқиш учун PDF (A4) 176.73 КиБ | Юклаб олиш